Tasodifiy hikoya: Lazzatli onlar
Ismim Baxrom yoshim 24da. Bu voqea 3 yil oldin bo'lgan. Bir kuni agentda Gulyora ismli qiz bilan tan...davomi
Ismim Baxrom yoshim 24da. Bu voqea 3 yil oldin bo'lgan. Bir kuni agentda Gulyora ismli qiz bilan tan...davomi
Tilla Kelin
Добавил: | DisseR(n1) (25.11.2014 / 12:41) |
Рейтинг: | (0) |
Прочтений: | 33122 |
Комментарии: | Комментарии закрыты |
Яккаю ёлғиз ўғлини уйлантириб, эл оғзида достон бўлгулик тўй ўтказиб, керилиб юрган Шоирахон энди уятдан лов-лов ёнаяпти. Ичига чироқ ёқса ёришмайди, бир сўз кам, иккитаси ортиқча. Келинлик саруполарини кийиб, куни кеча мана шу уй остонасидан кириб келган келининику кўришга кўзи, отишга ўқи йўқ. Тўйдан бир кун ўтиб, саҳармардонлаб уйғонган Дилафрўз ҳовлини чиннидай қилиб супуришни, саришталашни кўзлаб эшикка чиқдию, ўзидан аввал уйғонган қайнонасини кўриб, хижолатдан юзлари олов олиб кетди. У қайнонасига салом бериб, супургини излашга тушди. Келинчакнинг у ёқдан бу ёққа бесамар қатнаб, ниманидир қидираётганини англаган Шоирахон овоз берди: - Супургини излаётган бўлсангиз, ҳув ана, ўрикнинг тагига бостириб қўйганман. Буни қарангки, келинчак яна ўз билганидан қолмай, бошқа жойларни тинтишга тушиб кетди. Ана шунда Шоирахоннинг ичи ўт олди: «Бу ипирисқи ҳалитдан мени калака қиляптими? Мени писанд қилмаяптими?» Дилафрўз эса гўё ҳеч нарса юз бермагандек супургини излаш билан овора. Шоирахоннинг бошқа сабри чидамай, келинининг олдига яқинлашиб, овозини бир парда кўтариб деди: - Супургими? Ўрикнинг тагида дедимку? - Вой, эшитмай қопман? — тағин уятдан қизариниб, бошини қуйи эгди келинчак. Ана шунда Шоирахон оғзини хиёл очиб, қотди-қолди. Бўлиши мумкинмас, ўйлади ичида. Уч қадам нарида туриб, гумбурлаб гапирдику? Ҳовлининг этагида туриб, ўғлини чақирса, хонадан югуриб чиқарди у. Шоирахоннинг Дилафрўзни не орзу-мақсадларда келин қилиб туширгани, дўсту- дугоналари олдида керилиб юрганлари, тилини «узун» қилиб гапирганлари, ўзида йўқ севинчу қувончи оқибат хазон бўлди. Келинчакнинг қулоғи оғир экан. Қайнона мана шундан куйяпти. Шоирахон ўғли Савлатжон билан уч йил хорижда ишлаб келиб, данғиллама тўй қилиш ниятига тушди. У кўнглига мос келин қидиравериб, ковушининг патаги тўзиди. Ҳар бир эшикка бирма-бир кириб чиқардию, афтини бужмайтириб, ўзига эргашган аёлларга норизо оҳангда тўнғиллаб қўярди: «Қиз деганнинг ҳусни бўлсин экан, бунингиз қуруқ савлатнинг ўзи-ку, бўлмайди, бошқа ердан яна излаймиз», дердию, бошқа ердан ҳам шунга ўхшаш важ- карсон топиб, кўнглидаги келин эмаслигини айтарди-қўярди. Дилафрўзни эса бир синфдош дугонаси, икки келинли, беш неварали Муяссар деган аёл топди. Аввалига «балки бу ҳам кўнглингга ўтирмас, майли, бир олдидан ўтиб кўр», деди. Муяссар бошлаб келган хонадонга оёқ қўйибоқ ҳовлининг гулу ғунчага тўлганини, атроф ажиб ифорга бурканганидан маст бўлиб, баҳри дили очилиб кетди. Уйнинг бекаси ҳам кўнгли очиққина аёл экан. Келинликка номзод қиз Дилафрўз чой кўтариб киргач эса, тамоман ўзини унутди: «Келин қилсам ҳам мана шуни қиламан…» Уй бекаси совчилар ўринларидан қўзғалиб, эшикка йўналишганида Муяссарни имлаб чақириб, алланималар деди. Муяссарнинг чарақлаб турган юзлари бирдан ўзгариб, бекага бир муддат қаради. Кейин мана бу жавобни берди: «Зарари йўқ, муҳими, қўл-оёғи чаққон бўлса бўлди». Кейин тўй бошланиб кетди. Савлатжон болалигидан онасининг чизган чизиғидан чиқмай ўсди. У учун онаси нимаики айтса рост, нимаики қилса, тўғри. Шу боис бўлажак рафиқаси билан ҳам учрашувга чиқиб ўтирмади. Биргина қизнинг гул-гул очилиб турган суратини кўриб, «бўлади», деди. Бу ёқда эса Дилафрўзнинг ичини ит тирнаётганди. Аввалига аясига қулоғида нуқсон борлигини, бу уни шарманда қилиши мумкинлигини айтганда аяси унинг кўнглини хотиржам қилди: «Бу ҳақда ўйлаб, ўзингни қийнама қизим, улар билади. Қизингиз чаққонгина бўлиб, хизматимизни қилса бас, дейишган». Мана энди қусурнинг миси чиқди. Димоғи баланд, ялтир-юлтур нарсаларга ўч, ҳамма нарсанинг олди, аслига эгалик қилавериб, одми, нуқсонлиларга беписанд Шоирахон энди аламини кимдан олишни билмай, ичидан тиниб ўтирибди. Синфдоши Муяссарнинг ёқасига чанг сола олмайди. Уни ўзи мажбурлаган, «шу қизни келин қилишимга ёрдамлашасан», деб. Қудасининг олдига ҳам келинининг айбини пеш қилиб бора олмайди. «Қизингиз энди менинг қизим, уни ўзим асраб-авайлайман», дея оқибатлилик қилган. Савлатжонни ҳам айблай олмайди. У холис одам. Келинни ҳайдаб юборишга ичида нимадир йўл қўймайди. Шоирахон ташқарига чиқмай, бор алам-дардини ичига ютиб, «чилла сақлаётган» кунларнинг бирида меҳмон бўлиб Муяссархон келиб қолди. Шоирахон тилини тишлаб, бир муддат сабр қилиб ўтирди. Меҳмон гапни келинчак томонга бургач эса, худди вулқондай отилиб, ичидаги бор дарди тўкилди. - Мени кимларга рўпара қилдинг-а, кимларга? Мўмин-мусича бўлиб юрган бу гўрсўхта балонинг уяси экан-ку? Дўсту душман олдида неча пуллик одам бўлдим? Топган келининг андак-мундак гапни эшитолмайди, гаранг экан, гаранг… Муяссар неча йиллик димоғдор, бор вужудидан кибр ёғиладиган дугонасининг фавқулодда попуги пасайганини, мулойимлашиб, ҳатто йиғи-сиғи қилишгача боришини кўриб, алланечук бўлди. Унинг юзларига қарашга ботинолмай, дастурхон четини ғижимлаб ўтирди. - Ҳамма айб ўзимда, ҳуснига қараб, ёпишиб олибман. Касал-пасал эмасми, айби йўқми, деб сўрамабман. Мана энди… — шу ерга келганда овози ўзгариб, йиғлаб юборди. Камзули чўнтагидан бежиримгина дастрўмолчасини чиқариб, ёшларини артди. - Қўй, хафа бўлма, тузалиб кетар. Чаққонлигини қара, дастёрнинг ўзгинаси… - Бунисидан нолимайман, ҳамма иш қўлидан келади, аммо бир-икки одамнинг олдида гаранглик қилиб, мени уятга қўйса, нима деган одам бўламан, а? - Ношукурлик қилма, Шои.. — Муяссар гапини тугатмаган эди, Дилафрўз патнисда ноз-неъматлар кўтариб келди. У меваларни дастурхонга бирин-кетин жойлаштириб, бир нуқтадан кўз узолмай қолган қайнонасига боқди: - Овқат тайёр, сузаверайми, ойижон? Шоира келинига қарамади. Жавоб тариқасида нописандлик билан «келтиравер» деган маънода қўли билан имо қилди. Келинчак хонадан чиққач, Муяссар тағин тилга кирди. - Овозини жаранглашига қара, ширинлигига қара… - Бас! — Бирдан кескир нигоҳ ташлади Шоирахон синфдошига. Чўчиб тушган Муяссарнинг овоз оҳанги ҳам ўзгарди. - Мақсадинг нима ўзи, бу бир бечорани ҳайдаб, ўғлингга бошқасини олиб берасанми? - Керак бўлса, шундай қиламан ҳам. Менинг бор-йўқ бойлигим, фарзандим битта. Муяссар дугонасининг олдида яна бироз ўтирса, совуқ олган баҳс жанжалга айланишини фаҳмлаб, ўрнидан қўзғалди. У Шоира билан совуққина хайрлашди-да, эшикка чиқди. Эшик олдида патнисда икки коса буғи кўтарилаётган шўрва кўтариб турган Дилафрўзга тўқнаш келди. Мулойимлашиб, хайр- хўшлашди. Шу оқшом Шоирахоннинг қон босими кўтарилиб кетди. Савлатжон «Тез ёрдам»га қўнғироқ қилди. Шифокор беморни кўздан кечириб, шифохонага ётқизиш кераклигини маълум қилди. Шоирахон эрталаб пича енгиллашди. Уч кишилик палатада, чеккадаги каравотда чўзилган кўйи шифтга термилиб, хаёл суриб ётганди. Эшик тақиллагач, хаёли тўзғиди. Ичкарига елимқопчиқ кўтарганча Дилафрўз кирди. У тўғри қайнонаси ётган каравот сари юрди. Шоирахон келини билан хушламайгина салом-алик қилди. - Ўғлингиз кечроқ ўтаман, ҳозирча сен бориб тур, деб мени юбордилар,- гап бошлади Дилафрўз. Шоирахон индамади. «Маъқул» дегандек бош ирғаб қўйди. - Товуқ шўрва пишириб келгандим. Совимай ичиб олинг, онажон… - Майли, раҳмат. Сиз энди уйга бораверинг, ҳувиллаб ётмасин, мен шўрвангизни кейин ичарман, — энди кет, дегандай имо қилди келинига Шоирахон.